post image

ПРЕСС-РЕЛИЗ

2024 йил 29 июль куни Халқаро гепатитга қарши курашиш куни (28 июль)  муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.

 

Анжуманда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази, Вирусология илмий-тадқиқот институт мутасадди вакиллари, юқумли касалликлар шифохоналари ходимлари,  гепатологлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

ЖССТ маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 325 миллионга яқин одам гепатит B вируси ва камида 200 миллион киши гепатит C вируси билан касалланмоқда. 2020 йилги маълумотларга кўра, ҳар йили 500-700 минг киши гепатит B инфекцияси, 350 мингдан ортиқ бемор гепатит C асоратлари туфайли вафот етади. Бутунжаҳон гепатит алянсининг 2021 йил июль ойидаги маълумотларига кўра, гепатит B ва C вируси сабабли ҳар йили 1,4 миллион одам вафот этади. Бу эса  ОИВ/ОИТС ва безгакдан кўпроқ деганидир.

Бугун юртимизда ушбу хавфли касалликни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.  Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 16 майдаги “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисидаги” қарори бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилди.

Мазкур қарорда вирусли гепатитларнинг “В” ва “С” турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда юртимиздаги оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ушбу касалликни аниқлаш учун бепул скрининг ташкил этилди. 

2024 йилнинг 10 июл ҳолатига Республика ҳудудларида 1 058 307 (94,1%) нафар шартли соғлом шахслар ВГВга ва 1 059 083 (94,1%) нафар аҳоли ВГСга текширилди. Улардан 32 203 (3%) нафарида сурункали вирусли гепатит В ва 35 200  (3,3%) нафарида вирусли гепатит С аниқланди.

Скрининг текширувларида вирусли гепатитнинг С тури тасдиқланган 6230 нафар беморларни даволаш ўтказиш мақсадида вирусга қарши дори воситаларининг Софосбувир ва Даклатосвир дори воситалари тарқатилди.

Миср Араб Республикаси томони билан ўтказилган музокаралар натижасида беғараз ёрдам сифатида 800 минг қадоқ Даклотасвир ва Софосбувир дори воситалари (умумий қиймати 4,8 млн. АҚШ доллари) бир неча қисмларга бўлиб юборилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунда Миср Араб Республикаси томнидан беғараз ёрдам сифатида юборилган гепатит Сга қарши 117 000 қадоқ Даклатасвир ва  83 000 қадоқ Софосбувир дори воситалари Республикамизда скрининг текширувида вирусли гепатит С тури аниқланган беморларга бепул тарқатилмокда. Гепатит С га қарши дориларга 4 йил учун Давлат томонидан 47 млрд. сўм ажратилади.

- 2024 йил 6 ойида ҳолатига скрининг натижаларига кўра вирусли гепатит “B” тури ҳамда ПЗР текширувлари натижаларига кўра вирусли гепатит “С” тури аниқланган шаҳсларнинг 11 509 нафари (24,7 фоизи) АФПга текширилган.

- 2024 йил 6 ойида ҳолатига скрининг натижаларига кўра вирусли гепатит “B” тури ҳамда ПЗР текширувлари натижаларига кўра вирусли гепатит “С” тури аниқланган шаҳсларнинг 2 911 нафари (6,3 фоизи) PIVKAга текширилган.

Миср Араб Республикаси томонидан беғараз ёрдам сифатида дорилар олиниши туфайли 35,25 млрд. сўм тежаб қолинади. Ушбу тежаб қолинган маблағлар скрининг текшируви учун йўналтирилади ва скрининг сони йилига 1 млн.га етказилиши режалаштирилган.

— касаллик юқиши хавфи юқори бўлган шахсларни, шу жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишловчи жами 119 013 минг нафар тиббиёт ходимларини гепатит “В” инфекциясига қарши эмланди ва эмланганлар тўғрисида маълумотлар шакллантирилди;

— соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида вирусли инфекцияларни аниқлаш учун сарфлов материаллари (реагент ва тест-тўпламлари) билан босқичма-босқич тўлиқ таъминланди;

— барча даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология қўмитаси ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларида жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестрини яратилди;

— вакциналар, тест-тўпламлари ва вирусга қарши дори воситаларининг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги назоратини такомиллаштирилди.