Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида “ОИВ/ОИТС, жинсий йўл билан юқадиган ва вирусли гепатит касалликларига кўпроқ мойил бўлган аҳоли гуруҳлари, шу жумладан мигрантлар ўртасида олдини олиш тизимини такомиллаштириш” борасидаги тадбирлар самарали амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси кўмагида “Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига юқумли касалликларни олдини олиш соҳасида техник ёрдам кўрсатиш дастури” доирасида кўчма тиббий клиника фаолияти йўлга қўйилди.
Республикамиз ҳудудида биринчи кўчма даволаш-профилактика мажмуаси – кўчма поликлиника 2021 йил октабр ойида Республика ОИТСга қарши кураш марказида иш бошлаган эди.
Иккинчи кўчма мажмуа Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказига етказиб берилди.
Республика марказидан борган малакали тор соҳа мутахассислари кўмагида мобил клиникадаги замонавий тиббий ускуналар орқали олис ҳудуд аҳолиси, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ўртасида бепул тиббий кўриклар ташкил этилади, юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда диагностика қилиш борасидаги ишлар янада кучайтрилади.
Барча мобил комплекслар бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ОИВ инфекцияси, CОВИД-19, вирусли гепатит, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, акушерлик ва гинекологик ёрдам, кардиология ва урология тестлари билан боғлиқ қатор хизматларни кўрсатишга ихтисослашган.
Республика бўйлаб Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бир қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилмоқда.
Мобил клиникада тор доирадаги мутахассислар томонидан аҳоли кўрикдан ўтказилиб, лабораторияда текшириш учун гепатит "А", "В", "С" ва ОИВга экспресс тестлар ёрдамида қон таҳлиллари олинмоқда.
Республика ОИТСга қарши кураш марказига берилган мобил комплекс орали юқумли касалликларни юқтиришга мойил бўлган аҳоли гуруҳларини ушбу касалликларга тезкорликда лаборатор усулида текшириб, керакли мутахассисларга йўналтириш, маслаҳат бериш ва инструментал текширувлар ўтказилмоқда.
– Мобил клиника орқали амалга оширилаётган текширувлар, ОИВ, вирусли гепатит, захм ва CОВИД-19 касалликлари юзасидан маслаҳатлар бериш, тестлар ўтказиш, сўнгра ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига тиббий ёрдам кўрсатиш учун йўналтириб келинмоқда, – дейди катта ҳамшира Зокирова Гулноза. – Тиббий кўрик давомида ўта хавфли касалликлари учун қон таҳлиллари олинди. Бундан мақсад аҳоли ўртасида ўта хавфли касалликларини эрта аниқлаш ва олдини олишдир.
Ана шундай тадбирлардан бири “Ўзкимёсаноат”АЖга қарашли “Махам-Чирчиқ” АЖда ходимлари ва аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Беғараз ёрдам сифатида ташкиллаштирилган тадбирда корхона ходимлари ва аҳоли Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази малакали шифокор ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик тиббиёт марказининг малакали шифокорлари кўмагида тармоқ корхоналарда фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг саломатлигига эътибор қаратиш ва тиклаш учун касалликларни эрта скринингдан ўтказиш мақсадида мобил маммографик комплекс жалб қилинган ҳолда, тор доирадаги мутахассислар ва умумий амалиёт шифокорлари ёрдамида ташкил этилди.
– Республика марказидан борган малакали тор соҳа мутахассислари кўмагида мобил клиникадаги замонавий тиббий ускуналар орқали олис ҳудуд аҳолиси, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ўртасида бепул тиббий кўриклар ташкил этиб келинмоқда, – дейди акушер-гинеколог, олий тоифали шифокор, тиббиёт фанлари номзоди ПҳД Насиба Аҳмаджонова. – Барча мобил комплекслар бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ОИВ инфекцияси, CОВИД-19, вирусли гепатит, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, акушерлик ва гинекологик ёрдам, кардиология ва урология тестлари билан боғлиқ қатор хизматларни кўрсатишга ихтисослашган. Бу каби тадбирлар юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда диагностика қилиш имконини яратади.
Тиббий кўрик жараёнида марказ мутахассислари томонидан аҳоли орасида тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам амалга оширилди. Тиббий кўрикка келганларга жинсий йўл орқали юқадиган юқумли касалликлар ҳақида мутахассислар томонидан умумий тушунчалар берилиб, “ОИВ/ОИТС нима?”, “ОИВ/ОИТСнинг олдини олиш”, “ОИВ/ОИТСга қарши кураш” каби мавзуларидаги ахборот-таълим қўлланмалари тарқатилди.