Анжуманда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази, Вирусология илмий-тадқиқот институт мутасадди вакиллари, юқумли касалликлар шифохоналари ходимлари, гепатологлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
ЖССТ маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 325 миллионга яқин одам гепатит B вируси ва камида 200 миллион киши гепатит C вируси билан касалланмоқда. 2020 йилги маълумотларга кўра, ҳар йили 500-700 минг киши гепатит B инфекцияси, 350 мингдан ортиқ бемор гепатит C асоратлари туфайли вафот этади. Бутунжаҳон Гепатитга қарши кураш Алянсининг 2021 йил июль ойидаги маълумотларига кўра, гепатит B ва C вируси сабабли ҳар йили 1,4 миллион одам вафот этади. Бу эса ОИВ/ОИТС ва безгакдан кўпроқ деганидир.
Бугун юртимизда ушбу хавфли касалликни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 16 майдаги “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур қарорда вирусли гепатитнинг В ва С турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда юртимиздаги 65 дан зиёд оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ушбу касалликни аниқлаш учун бепул скрининг ташкил этилди.